ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Адвокатлар кўрсатадиган юридик ёрдамнинг қиймати оширилмайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди.
Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисда депутатлар адвокатлик тузилмаларини қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиларига айлантиришни кўзда тутувчи нормага қатъий эътироз билдиришди.
Мазкур нормада Солиқ кодексининг 70-бобини (адвокатларга солиқ солиш) чиқариб ташлаш йўли орқали адвокатлик тузилмаларини ҚҚС тўловчиларига айлантириш назарда тутилган.
“Депутатлар фикрича, бу каби омиллар адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдамнинг қиймати оширилишига, фуқаролар ва юридик шахсларнинг малакали юридик кўмак олиш имконияти пасайишига сабаб бўлади”, - дейилади хабарда.
Узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг халқ вакиллари таклифи билан мазкур норма қонун лойиҳасидан чиқариб ташланди.
Маълумот учун, Солиқ кодексига мувофиқ, адвокатлар ҳайъати, адвокатлик фирмалари ва адвокатлик бюролари фаолиятнинг нотижорат ташкилотлар сифатида адвокатлар томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қисми бўйича солиқлар ва йиғимлар тўлашдан озод қилинади.
Солиқ базаси адвокатнинг даромадидан унинг даромадида ҳисобга олинадиган ижтимоий тўлов чегириб ташланган ҳолда аниқланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестри юритилиши маълум қилинганди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритиш ва унга адвокатларни киритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари, ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади. Бу билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали тасодифий танлаш мумкин бўлади.