Туркия ва Хитой компаниялари Ўзбекистонда электр узатиш тармоқларини қуради

Тошкент ва Сирдарё вилоятларида юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича ўтказилган тендер натижалари эълон қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Туркия ва Хитой компаниялари Ўзбекистонда электр узатиш тармоқларини қуради. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўтказилган тендер натижаларига кўра, Туркиянинг “ŞA-RA ENERJĪ Īnşaat, Ticaret ve Sanayi A.Ş.” компанияси 31,89 млн доллар таклиф этилган нарх билан узунлиги 213 км бўлган 220 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича ғолиб деб топилди.
Шунингдек, Хитойнинг “Xian Electric Engineering Co., Ltd” компанияси 14,68 млн доллар таклиф этилган нарх билан узунлиги 72 км бўлган 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича ғолиб деб топилди.
Ғолиб компаниялар билан музокаралар ўтказилиб, 2022 йил 23 декабрь куни шартномалар имзоланди.
Лойиҳани Жаҳон банки молиялаштирган. Уни 2022-2024 йилларда амалга ошириш белгиланган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳам энергетика соҳасида ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Хусусан, Россиянинг “ВЭБ.РФ” ривожланиш корпорацияси Тошкент вилоятида Пском гидроэлектр станцияси қурилишига 75 млн доллар ажратди. Пском ГЭС 2026 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.