Йигирма бир ёшга тўлмаганларга алкоголь ва тамаки сотиш тақиқланмоқда

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари реализацияси устидан назорат кучайтирилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Ўзбекистонда 21 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланмоқда. Олий Мажлис Сенатининг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунда шу ҳақда сўз боради.
Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича бир қанча янгиликлар киритилиши кутилмоқда.
Хусусан, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш ва ушбу шахслар томонидан реализация қилиниши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига ушбу шахсларни жалб этиш тақиқланмоқда. Ушбу ёш чегараси амалдаги қонунга нисбатан бир ёшга узайтирилмоқда.
Шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органлар сафи кенгайтирилмоқда ва уларнинг соҳадаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда.
Бундан ташқари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек тамаки ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг реализация қилинишига доир чекловлар ҳам киритилмоқда.
Муҳокамалардан сўнг қонунни сенаторлар маъқуллашди.