Янги йил кечасида қор ёғиши мумкин – мутахассис

31 декабрга 5 кунлар қолганда, Янги йил кечаси учун ишончли об-ҳаво прогнози тақдим этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. 2023 йилга ўтар кечаси Ўзбекистон қор ёғиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази мутахассиси Эркин Абдулаҳатов ўзининг Telegram каналида ёзмоқда.
Мутахассиснинг ёзишича, келаётган ўн кунликда Ўзбекистонга шимоли-ғарбдан ўта совуқ ҳаво оқимлари кириб келмаслиги кутиляпти.
У шунингдек, янги йил кечасида ўзбеклар янги йилни қандай об-ҳаво билан кутиб олиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган.
“Айрим иқлим моделлари 2023 йилга ўтар кечаси соат миллари 00:00 га бонг урганда, республиканинг катта қисмида ташқи муҳитда қор ёғиши мумкинлиги тўғрисида кутилмаларни тақдим этмоқда”, - дейди иқлимшунос.
Унинг қайд этишича, мутахассислар вазиятни об-ҳаво хариталари, атмосферадаги ҳаво айланмалари ҳаракати орқали синчковлик билан кузатишмоқда. Ҳозирда 28 декабрдан сўнг республикага бир нечта босқичда нам ҳаво оқими кириб келиши ойдинлашмоқда. 31 декабрга 5 кунлар қолганда, Янги йил кечаси учун ишончли об-ҳаво прогнози тақдим этилади.