ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Ўзбек миллий академик драма театрида атоқли қозоқ адиби, буюк шоир ва маърифатпарвар Абай (Иброҳим) Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақидаги “Абай” спектакли саҳналаштирилди. Бу ҳақда театр матбуот хизмати хабар берди.
“Абай” тимсолининг ўзбек саҳнасида иккинчи бор янги талқинда ва ўзгача ракурсларда саҳналаштирилиши икки буюк халқ учун унутилмас эътирофдир. Қолаверса, атоқли шоирнинг ҳаёт ва ижод йўли бугунги ёшларимиз учун жуда ҳам керак”, - дейди спектакль режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон санъат арбоби Марат Азимов.
Спектакль муаллифи Мухтор Авезов, постановкачи рассом Ўзбекистон санъат арбоби Бахтиёр Тўраев. Абай образини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуд Исмоилов ижро этган. Ойкарам ролида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайёра Юнусова.
Маълумот учун, Абай ҳақидаги спектакль илк бор театрда 2019 йилда саҳналаштирилган. Асар Ўзбекистонда санъат арбоби, ёзувчи ва таржимон Носир Фозилов томонидан қозоқ тилидан ўзбек тилига таржима қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда “Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари” ўтказилмоқда. Кўргазма 30 декабрга қадар давом этди.