Бош вазирнинг ўринбосари сони икки бараварга қисқаради

Вазирлар Маҳкамасининг қатор котибият ва департаментлари ҳам тугатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Ўзбекистон Бош вазирининг амалдаги 8 нафари ўринбосари ўрнига 4 нафари қолдирилмоқда. Бу ҳақда президентнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланди.
Фармонга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тугатилди.
Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида:
Бош вазирнинг 4 нафаргача ўринбосарлари лавозими;
Ҳукумат раҳбари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил этилди.
Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг тузилмаларини мақбуллаштириш муносабати билан бўшаётган маблағлар Бош вазир котибияти ўрнак кўрсатган бошқарув ходимларининг натижадорлиги асосида қўшимча рағбатлантиришга йўналтирилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси тизимидаги вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилмоқда.