Бош вазир ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида вазир бўлиши тақиқланди

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб барча республика ижро этувчи ҳокимият органларида буйруқ, қарор ва фармойишларни “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилишни жорий этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. 2023 йил 1 январдан республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида хўжалик бошқаруви органларининг раҳбари вазифасини бажариши тақиқланади. Бу ҳақда президентнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
1 январдан уюшма ва бошқа хўжалик бирлашмаларига давлат ҳокимияти ваколатларини бериш ва уларнинг раҳбарларини Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан лавозимга тайинлаш амалиёти бекор қилинади.
Республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестрини шакллантириш ва уни доимий юритиш амалиёти йўлга қўйилади.
Давлат бошқарувида очиқлик даражасини янада ошириш, рақамли технологияларни жорий этиш, рақамлаштирилган давлат бошқаруви моделига ўтиш мақсадида 2023 йил 1 январдан бошлаб, синов тариқасида, Адлия вазирлиги тизимида идоравий буйруқ, қарор ва фармойишларни “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар синов натижалари бўйича 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб барча республика ижро этувчи ҳокимият органларида буйруқ, қарор ва фармойишларни “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилишни жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлайди.