ТОШКЕНТ, 23 дек — Sputnik. Саудия Арабистони Қорақалпоғистонда яна бир шамол электр станциясини қуради. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Тошкентда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан Қорақалпоғистонда умумий қуввати 1500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш бўйича шартномалар имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур йирик қувватли станция 2026 йилда ишга туширилади. У йилига 5,2 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши ва бунинг натижасида йилига 1,5 млрд куб метр табиий газ тежалиши режалаштирилган.
“Аҳамиятлиси, станцияда 300 МВт/550 МВт-соат электр сақлаш кимёвий батареялари (аккумуляторлар) ўрнатилади”, дейилади хабарда.
Ушбу батареялар шамол турбиналаридан чиқувчи ўзгарувчан электр энергиясини ростлаб беради.
Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси
© Энергетика вазирлиги
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси ўртасида Марказий Осиё минтақаси ва дунёдаги энг йирик шамол электр станциясини қуриш бўйича битим имзоланганди. Мазкур лойиҳа ҳам Қорақалпоғистонда 1500 МВт қувватга эга шамол энергетикасини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишдан иборат.
Шунингдек, компания Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий ишлаб чиқариш қуввати 1000 МВт бўлган иккита шамол энергетикаси лойиҳасининг инвестори ҳисобланади.