ТОШКЕНТ, 23 дек — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти одам папиллома вирусига қарши эмлаш бўйича тавсияларини янгилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Одам папиллома вирусининг 200 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, шундан 13 таси онкологик касалликларга сабаб бўлади. Хусусан, вирусга қарши ўз вақтида вакцина олинмаса, 16 ва 18-типлари бачадон бўйни саратонини келтириб чиқариши исботланган.
Бироқ мутахассислар дунё бўйича мазкур хавфли касалликка қарши эмлаш қамрови пасайиб кетганидан хавотирда. Хусусан, 2019-2021 йилларда вакцина олганлар сони 15-25 фоизга камайган. Яъни 3,5 миллион нафар қиз эмлаш жараёнидан четда қолган.
Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти одам папиллома вирусига қарши эмлаш бўйича тавсияларини янгилади.
Ундан қуйидаги кўрсатмалар ўрин олган:
9-14 ёшли қизлар вакцинанинг биринчи ёки иккинчи дозасини қабул қилиши лозим;
15-20 ёшли хотин-қизлар бир ёки икки босқичда эмланиши керак;
21 ёшдан ошган аёллар 6 ойлик оралиқ билан икки дозада вакцина олиши зарур.
ЖССТ экспертлари қайд этишича, иммунитети заиф, ОИВ инфекциясидан азият чекадиган аёллар биринчи навбатда эмланиши шарт. Улар хасталикка қарши вакцинанинг камида икки, имкони бўлса, уч дозасини қабул қилишлари лозим.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда одам папиллома вирусига қарши эмлаш 2019 йилда бошланган. ССВ маълумотларига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда ўртача 1700 нафарга яқин аёлда одам папиллома вируси сабабли бачадон бўйни саратони касаллиги аниқланмоқда. Республикада 12-14 ёшли қизлар ўртасида эмлаш жараёни ўтказилмоқда. Чунки айни шу ёш оралиғида вакцинадан сўнг иммунитет энг кучли шаклланади.