ЖССТ: дунёда коронавирусни юқтириш ҳолатлари 36 фоизга ошди

COVID-19га чалиниш ҳолатлари ундан аввалги 28 кунга қараганда 36 фоизга ошган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Ўтган ҳафтада дунё бўйича 3,7 миллиондан зиёд кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Улардан қарийб 10,5 минг нафари хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди.
Таҳлилларга кўра, 12-18 декабрь саналарида касалланиш кўрсаткичлари ундан аввалги ҳафтага нисбатан 3 фоизга ошди. Ўлим ҳолатлари эса 6 фоизга камайди.
Қайд этилишича, беморлар сонининг сезиларли кўпайиши Жанубий ва Шимолий Америка ҳамда Ғарбий Тинч океани минтақаси мамлакатларида қайд этилди. COVID-19 қурбонлари эса Америка минтақасида кўпайди.
Шунингдек, ЖССТ коронавирус билан боғлиқ сўнгги 4 ҳафталик таҳлилларни ҳам эълон қилди. Унга кўра, ушбу муддатда Ер сайёраси бўйича COVID-19га чалиниш ҳолатлари ундан аввалги 28 кунга қараганда 36 фоизга ошган.