ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Жорий ҳафта Халқ таълими вазирлиги тизимида “Долзарб ҳафталик” деб эълон қилинди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда келгуси йилдан бошлаб мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиниши борасидаги президентнинг фикрлари бугунги куннинг долзарб масаласи эканлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, ўқитувчилар мақомини ошириш ва педагогларни ўз вазифасига алоқадор бўлмаган турли ишларга жалб этиш, улар зиммасига ортиқча вазифалар юклаш борасида вазирлик томонидан кескин чоралар кўрилмоқда.
“Вазир фуқаролар мурожаатларини ҳал этиш ҳамда юқорида келтириб ўтилган қатор муаммоларни бартараф этиш бўйича “Долзарб ҳафталик” деб эълон қилиш, ҳар бир туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари қошида бир ҳафта муддатда “Call-markaz” ташкил этиш топшириғини берди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бу йил фуқаролар мурожаатлари сони ўтган йилга нисбатан 2000 тага камайган. Вазирлик “Call-markaz”ларига ҳозирга қадар 60000 га яқин мурожаатлар келиб тушган ҳамда уларда келтирилган масалалар тезкор ўрганиб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тез орада қабул қилиниши кутилаётгани ҳақида маълум қилган эди.