ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Бугун Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади.
Ташрифнинг биринчи кунида “Янги Ўзбекистон” истироҳат боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйиш, рамзий дарахт экиш тадбирида иштирок этиш режалаштирилган.
Эртаси куни Қозоғистон президенти XV асрнинг биринчи ярмида Тошкентда қурилган Қалдирғочбий мақбарасига ташриф буюради.
Расмий суратга олиш маросимидан сўнг “Ташкент сити”нинг Конгресс марказида расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтади. Учрашув доирасида тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар олиб бориш кўзда тутилган.
Шунингдек, қўшма лойиҳаларга старт берилади, қозоқ шоири Абай Кунанбоев ижодига бағишланган кўргазма ҳам кўздан кечирилади.
Давлат ташрифи якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун қисқа брифинг ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев жорий йилнинг 21-22 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиши маълум қилинганди.
Давлат раҳбарлари бир қатор йирик инвестиция лойиҳаларини бошлаб бериши режалаштирилмоқда.