ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Россиянинг Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида газ иттифоқини яратиш ташаббуси истиқболлари Москва таклиф қиладиган ҳамкорлик шартларига боғлиқ бўлади, деди Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаров. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Ҳаммаси бизга таклиф қилинадиган шартларга боғлиқ бўлади. Ҳозирча газ масаласида алоҳида тузилма, ташкилот ёки давлатлараро иттифоқ тузиш ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Бу шунчаки аҳоли пункти, газ таъминоти ва нархлар учун ғоя эди. Барча мамлакатларда газ тақчиллиги бор, шунинг учун Россия томони шундай таклиф билан чиқди”, - дейди у чоршанба куни парламент мажлиси чоғида журналистларга.
Айдаровнинг қўшимча қилишича, Россия томонининг газ иттифоқини тузиш таклифи ҳали расмийлаштирилмаган.
“Газ иттифоқини тузиш Россия томонининг таклифи эди ва ҳозирча у расмийлаштирилмаган, биз Россия томонидан бу қандай шаклда амалга оширилиши ҳақида ҳеч қандай тафсилот ёки таклиф олганимиз йўқ. Ҳозирча бу газ савдосининг баъзи жараёнларини бирлаштириш ғояси”, - дейди ТИВ раҳбари ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, уч томонлама газ иттифоқи ҳақидаги хабарлар ноябрь ойининг охирида Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг учрашувидан кейин пайдо бўлган эди.
Дастлабки маълумотларга кўра, газ иттифоқи Россия газини Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудидан транспортировка қилишни мувофиқлаштириш мақсадида ташқил қилинмоқда. Эҳтимол дастлабки босқичда қандайдир юридик шахс ташкил қилиш керак бўлади. Бу масала ҳали муҳокама қилинмоқда, деган эди Россия президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков.
Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон газ соҳасида ҳамкорлик истиқболига эга, жумладан газ етказиб бериш ва уни қайта ишлаш борасида, деган эди Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак.
Ўзбекистон
Айрим маҳаллий ва хорижий ОАВларда "Ўзбекистон газ иттифоқидан воз кечгани" ҳақидаги шов-шувли хабарлар энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудовнинг баёнотидан кейин пайдо бўлган эди. Амалдор интервьюлардан бирида "Ўзбекистон газни қандайдир иттифоқ ёки альянс тузиш орқали эмас, қўшни давлатлардан тижорат шартномалари асосида" сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида айтиб ўтган эди.
Қозоғистон
Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков айтишига кўра, газ иттифоқи тузиш масаласи уч томонлама форматда муҳокама қилинмаган. Ҳозирча томонлар газ транспорт тизимининг техник имкониятларини ўрганмоқда. Бу борада ҳамкорлик қилиш уччала томоннинг ҳам розилигини талаб қилади. Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко "мутахассислар барча хавфларни, жумладан санкциялар хавфини ҳам ҳисобга олиши керак" деган фикр билдирган эди.