ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Венгрия Европа комиссиясини Россияга қарши санкциялар оқибатларини таҳлил қилишга чақиради. Бу ҳақда Венгрия бош вазири маслаҳатчиси Балаж Орбан маълум қилди.
“Европа комиссияси санкциялар оқибатларини таҳлил қилиши керак”, - деди Орбан. Унинг сўзларидан EURActiv портали иқтибос келтирди.
Унинг фикрича, айниқса юзага келаётган энергетика инқирози шароитида санкцияларнинг иттифоқнинг алоҳида аъзоларига таъсирини баҳолаш муҳим.
Бош вазир маслаҳатчиси Венгрия унинг иқтисодиётига, айниқса энергетика соҳасига зарар келтирадиган чекловлардан озод қилинишига эришишда давом этишини таъкидлади.
“Энергетика – биз учун тақиқланган ҳудуд”, - деди Орбан.
Шунингдек, у Венгрияда ўтган ҳафта якунланган Россияга қарши ЕИ санкциялари юзасидан ўтказилган миллий маслаҳатлашувлар якунлари январда маълум қилишиниши қўшимча қилди.
Аввалроқ Венгрия бош вазири Виктор Орбан ЕИни Россияга қарши энергетика санкцияларини йил охирига қадар бекор қилишга чақирган эди.
Ғарб Украинадаги можаро туфайли Россияга нисбатан санкциялар босимини кучайтирди, бу эса Европа ва Қўшма Штатларда электр энергияси, ёқилғи ва озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келди. Россия президенти Владимир Путин Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси эканлигини ва санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини айтди.