ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. 2023 йилда энг йирик 10 та компания ва тижорат банклари акциялари аҳоли учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади. Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатида шу ҳақда айтиб ўтди.
“Бугун кўнглимдаги битта ниятимни сизларга очиқ айтмоқчиман. Менинг катта ниятим – юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлсин. Одамларимиз ўз омонатларини инвестиция қилиб, юқори даромадларга эга бўлсин. Шунинг учун, топшириқ бердим. Кейинги йилда энг йирик 10 та компаниялар ва тижорат банкларимизни акциялари ўз аҳолимиз учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади”, - деди президент.
У бу чинакам халқ IPO’си бўлишига ишонч билдирди ва “халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган сўзларини такрорлади.
Давлат раҳбари фаол инвестициялар жалб қилишда хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шерикчилик имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
“Келаси йили “катта хусусийлаштириш”ни бошлаймиз, мингга яқин корхоналар савдога чиқарилади”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, металлургия соҳасида амалга оширилаётган катта дастурлар, беш йилдан кейин мисни 3 баробарга (500 минг тонна), олтинни эса йилига 150 тоннагача ошириш имконини беради. Кимё, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигида ҳам катта-катта лойиҳалар ишга туширилади.