Ўзбекистонда Қирғизистон савдо ваколатхонаси очилади

Яна икки давлатда Қирғизистоннинг ваколатхоналари ташкил этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Ўзбекистон, Хитой, Туркияда Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлигининг савдо ваколатхоналари ташкил этилди. Тегишли қарор Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси мажлисида қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматининг таъкидлашича, мақсад ташқи иқтисодий фаолият самарадорлигини ошириш ва бошқа давлатларда Қирғизистон Республикасининг ташқи иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлашдан иборат.
“Таъкидлаш жоизки, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, айниқса, кичик ва ўрта бизнес субъектлари маҳсулотларни ташқи бозорга олиб чиқишда бошқа мамлакатлардаги импорт тартиб-қоидалари ва ташқи бозор талаблари ҳақида етарлича маълумот йўқлиги сабабли кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Савдо ҳамкорларини топиш, маҳсулотларини илгари суришда муаммолар мавжуд. Тадбиркорлар кўпинча сотиш бозорини аниқлаш учун бозор тадқиқотларини ўтказиш имкониятларига эга эмас”, - дейилади расмий баёнотда.
Аниқланган муаммоларни ҳал этиш ва маҳаллий маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш мақсадида савдо ваколатхоналарини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бошқа мамлакатлар тажрибаси савдо вакиллари институти экспортчиларни қўллаб-қувватлашнинг етарлича самарали механизми ҳисобланишини кўрсатган.