ЖБ Ўзбекистонга стратегик ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам беради

Халқаро молия ташкилоти Ўзбекистонга яна қарийб 1 млрд доллар маблағ ажратишни маъқуллади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Жаҳон банки (ЖБ) ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича операция (дунёнинг турли мамлакатларидаги ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи банкнинг махсус молиявий воситаси) доирасида Ўзбекистонга маблағ ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банкнинг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.
ЖБ кўмаги Ўзбекистон ҳукуматига 470 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредитлар ва 480 миллион доллар миқдоридаги паст фоизли кредитларни ўз ичига олган молиявий пакет шаклида тақдим этилади.
Бу маблағлар хусусий секторга йўналтирилган инклюзив иқтисодиётни шакллантириш, бозор институтларини ривожлантириш ва барча фуқаролар учун тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган стратегик ислоҳотларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякованинг сўзларига кўра, жаҳон, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги оғир вазиятга қарамай, Ўзбекистон ислоҳотларга қатъий содиқлигини намойиш этмоқда.
“Жаҳон банкининг жорий операцияси Ўзбекистонга 2017 йилдан бери инклюзив бозор иқтисодиётини барпо этиш учун кўрсатган кенг кўламли молиявий ва техник ёрдамимизга асосланади. Жаҳон банкининг мамлакат билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури Ўзбекистоннинг келгуси беш йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилади”, - дейди у.
2022 йил 16 декабрь ҳолатига ЖБнинг Ўзбекистондаги дастури 27 та лойиҳани ўз ичига олади.