ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Йил охирига келиб 2022 йил Давлат бюджетига ўзгартириш киритиш тўғрисида масала кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди.
Қуйи палатага Вазирлар Маҳкамаси киритган қонун лойиҳаси кўра, 2022 йил бюджетидан:
давлат-хусусий шерикчилиги асосида фаолият кўрсатаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қўшимча субсидиялар ажратиш учун Мактабгача таълим вазирлиги – 407,1 млрд сўм;
иссиқлик таъминоти бўйича аҳолига паст даражали тарифлар қўлланиши натижасида юзага келган зарарларни қоплаш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги – 404,7 млрд сўм;
экспорт қилинадиган мамлакатларда маҳаллий автомобил саноати корхоналари томонидан тўланадиган утилизация йиғими ҳаражатларига Давлат бюджетидан маблағ ажратиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига – 224,5 млрд сўм;
ҳудудларда зудлик билан ечилиши лозим бўлган қўшимча тадбирларни молиялаштириш мақсадида кейинчалик маҳаллий бюджетларга қайта тақсимлаш учун Молия вазирлигига қўшимча 1 трлн сўм ажратиш кўзда тутилган.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотига кўра, Давлат бюджетидан утилизация йиғими учун сўралаётган 224,5 млрд сўм иккита маҳаллий ишлаб чиқарувчига берилади. Булар:
“UzautoMotors” АЖга – 137,5 млрд сўм;
“SamAvto”га – 87 млрд сўм.
Расул Кушербоев утилизация йиғими кимларга ва қандай мақсадларда ишлатилаётгани, “UzautoMotors" АЖ утилизация йиғимини тўлаётгани мавҳумлигича қолаётган бир вақтда Давлат бюджетидан утилизация йиғими ҳаражатларига 224,5 млрд сўм ажратиш сўралиши мантиқсизлик деган фикрни билдирган.
Маълумот ўрнида, экспорт қилинаётган автомобиллар учун хориждаги утилизация йиғими бўйича харажатларни давлат бюджетидан компенсация қилишга амалдаги бюджет қонуни бўйича 2022 йилда 100 млрд сўм йўналтириш белгилаганди.