Фарғонада талабалар учун махсус дастурли планшетлар ишлаб чиқарилади

Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Фарғонада уммон инвестицияси ҳисобига микросхемали карталар ҳамда талабалар учун махсус дастурли планшетлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Уммон султонлигидан келган инвестор, “Oman China Investment” компанияси раҳбари Чарльз Суни қабул қилди.
Компания томонидан амалга ошириладиган инвестицион лойиҳа қиймати 22 миллион долларга тенг.
Биринчи босқичда микросхемали карталар ҳамда талабалар учун махсус дастурли планшетлар ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш учун 3 миллион доллар хорижий сармоя киритилади.
Кейинги босқичларда компьютерлар ҳамда коммунал хизматлар истеъмолчилари учун “ақлли” ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилади.
Шунингдек, кўргазмалар маркази ҳамда e-тижорат хизматлари ҳам тақдим этувчи логистика мажмуаси барпо этиш кўзда тутилмоқда.
Чарльз Су вилоят ҳокимидан талабалар учун мўлжалланган махсус дастурли планшетлар ишлаб чиқариш учун дастурий таъминот талабларини олишда ёрдам беришни сўради, бу масала Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ҳал этиб берилиши билдирилди.