ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Европа Иттифоқи Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакети бўйича келишиб олди. Бу ҳақда РИА Новости France-Presse агентлигига таяниб, хабар бермоқда.
Дипломатик манбаларга кўра, санкциялар бўйича муроса келишувига Европа Иттифоқи етакчиларининг Брюсселда бўлиб ўтган саммити доирасида эришилди. Янги чекловлар жума куни расман тасдиқланади.
Ўз навбатида, Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Россияга қарши санкцияларнинг янги пакети бўйича келишувга эришилганини тасдиқлади. Польша бош вазири Моравецкий, Европа Иттифоқининг индивидуал санкциялари 200 га яқин россияликни қамраб олганини, икки мақсадли маҳсулотларга ҳам чекловлар жорий этилишини қўшимча қилди.
Россия ТИВ раҳбарининг ўринбосари Александр Грушко навбатдаги чекловларга муносабат билдириб, расмий Москва янги санкциялар шароитида мамлакат иқтисодиёти манфаатларини таъминлаш чораларини ишлаб чиқишини маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Биз (Брюсселнинг ҳаракатларини) салбий баҳолаймиз. Биз иқтисодий манфаатларимизни таъминлайдиган чора-тадбирлар ишлаб чиқамиз”, - дейди Грушко.
Эслатиб ўтамиз, Украинада махсус операция бошланганидан сўнг АҚШ бошчилигида Ғарб давлатлари Москвага нисбатан санкциялар босимини кескин кучайтирди. Россия экспорти соҳаси, банк ва бошқа соҳаларига нисбатан кескин санкциялар жорий этилди. Лекин ўтган вақт давомида улар кетилган натижага олиб келмади, рубль қуламади, Россия иқтисодиёти барбод бўлмади. Европа ва АҚШда эса санкциялар оқибатида электр энергияси, ёқилғи ва озиқ-овқат нархларининг ошди.
Россия президенти Владимир Путин Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси эканлигини ва чекловлар бутун дунё иқтисодиётига жиддий зарба берганини айтди. Россия раҳбарининг сўзларига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг асосий мақсади - дунёда миллионлаб одамлар ҳаётини ёмонлаштиришдир. Унинг сўзларига кўра, Россия ўзини яккаламоқчи эмас, уни замонавий дунёда қаттиқ изоляция қилиб бўлмайди.