Сув ресурсларини бошқариш ҳуқуқи агрокластерларга берилади

Қишлоқ хўжалиги кластерлари даромадларининг бир қисми сувдан самарали фойдаланишга йўналтирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Сув хўжалиги объектларини бошқариш ҳуқуқи агрокластерларга берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 12 декабрь куни қабул қилинган “Қашқадарё вилояти тажрибаси асосида сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Ҳужжат давлат сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тўғридан тўғри музокаралар ўтказиш натижалари бўйича Сув хўжалиги вазирлиги ва агрокластер ўртасида тузиладиган битим асосида бошқарувга беришни кўзда тутади.
Ички суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари ернинг ижара муддатига мос даврга Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликларининг қарорлари билан кластерларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида уларни сақлаш, таъмирлаш-тиклаш, реконструкция ва модернизация қилиш учун агрокластерлар маблағининг бир қисмини жалб қилган ҳолда берилади.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:

Агрокластерларга мақсадли фойдаланиш учун бериладиган ички суғориш ҳамда коллектор-дренаж тармоқларининг асосий кўрсаткичлари;
Агрокластерларга ДХШ шартлари асосида ернинг ижара муддатига мос даврга бошқарувга бериладиган давлат ирригация тизими каналларида сув сарфини онлайн мониторинг қилиш ва масофадан бошқариш тизимини жорий қилиш прогноз кўрсаткичлари;
Давлат сув хўжалиги объектларини агрокластерларга ДХШ шартлари асосида ернинг ижара муддатига мос даврга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бошқарувга бериш бўйича “йўл харитаси”.