ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Донецк марказидаги кўп қаватли уйлардан бири Украина қўшинлари томонидан ўққа тутилиши оқибатида шикаст етказилди. Вайроналар остидан бир аёл қутқариб олинди. Бу ҳақда ДХР Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, пайшанба куни Донецкнинг Ворошилов туманидаги беш қаватли уйлардан бирида ёнғин содир бўлгани ҳақидаги хабар келиб тушган. Воқеа жойига ёнғин-қутқарув бригадаси юборилган.
Ўққа тутиш вақтида бешинчи қаватдаги уй зарар кўрган ва у ерда вайроналар остида бир аёл қолиб кетгани аниқланган.
ФВВ ходимлари аёлни қутқариб, тиббий тез ёрдам ходимларига топширишган.
Украина қўшинлари пайшанба куни эрталаб Донецкнинг иккита марказий туманига қарата “Град” билан 40 та ракета отган. Шаҳар мэри Донецк марказига 2014 йилдан буён бундай энг кенг кўламли зарба берилганини маълум қилди.