Сил ва ОИТСга чалинган беморлар дорилар билан бепул таъминланади

Ҳудудий ОИТС маркази ва туманлараро лабораторияларни таъмирлаш учун масъуллар бириктирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 дек — Sputnik. Эндиликда сил ва ОИТС билан касалланган беморлар дори воситалари билан бепул таъминланади. Президент Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни фтизиатрия ва пульмонология соҳасини ривожлантириш, ОИТС касаллигининг олдини олиш масалалари бўйича йиғилишда шундай топшириқ берди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда ўпка касалликлари ва одам иммунитети танқислиги вируси билан касалланиш ҳолатлари бўйича навбатдаги чора-тадбирлар мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев келгуси йилдан бошлаб “Ўпка саломатлиги” мобил бригадаларини ташкил этиб, чекка ҳудудларда болаларни скрининг текширувларидан ўтказиш бўйича топшириқ берди. Туберкулёз инфекциясининг молекуляр-генетик диагностикасини, яширин инфекцияси бор беморларни аниқлаш ва профилактик даволаш қамровини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокимларига ҳудудлардаги Фтизиатрия сиҳатгоҳларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, бактериология лабораторияларини ташкил этиш топширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига туберкулёз билан касалланган беморларни дори воситалари билан бепул таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга давлат бюджетидан 40 миллиард сўм ажратилади.
ОИВ инфекцияси бўйича ҳам текширувни кенгайтириб, 3 миллион аҳолини қамраб олиш чоралари белгиланди. Бундай беморлар ҳам 22 турдаги вирусга қарши дорилар билан бепул таъминлади. Ҳудудий ОИТС маркази ва туманлараро лабораторияларни таъмирлаш, уларни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлашга масъуллар бириктирилди.
Буларнинг барчасини инобатга олиб, фтизиатрия, пульмонология ва ОИТС йўналишларида дастурий қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.