ТОШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Бугун Тошкентда Венгриянинг “OTP Bank” гуруҳи “Ипотека банк” акционерлик-тижорат ипотека банкини хусусийлаштириш тўғрисидаги шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
Битимнинг молиявий якуни 2023 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши кутилмоқда. Дастлаб венгер банки “Ипотека банк”нинг 75 фоиз улушини, қолган 25 фоизни уч йил давомида сотиб олади. Келишув суммаси ҳозирча очиқланмади.
“Ипотека банк” ҳажми бўйича Ўзбекистондаги бешинчи банк бўлиб, умумий бозорнинг 8,5 фоизини ташкил этади ва 1,6 миллиондан ортиқ мижозга эга.
Ҳужжатни бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда OTP Bank номидан бошқарув раиси ва бош директори Шандор Чаньи ва бош директор ўринбосари Ласло Вольф имзолади.
Венгрия банки делегацияси бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабулида ҳам бўлди. Учрашувда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.