Туман сабаб Москвадан Қаршига учган самолёт Самарқанд аэропортига йўналтирилди

100 нафар йўловчиси бўлган самолёт ноқулай об-ҳаво сабаб Самарқандга қўндирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Бугун, 12 декабрь куни “Азимут” авиакомпаниясининг Москва–Қарши йўналишида парвоз қилган самолёти Қарши аэропортини қалин туман қоплагани туфайли Самарқанд аэропортига йўналтирилди. Бу ҳақда аэропорт матбуот хизмати хабар берди.
Туман сабаб аэропортда кўриш даражаси пасайган (400 метр), бундан ташқари кучли шамол ҳам кузатилган.
“Бугун тонгда Москванинг “Внуково” аэропортидан Қарши халқаро аэропортига етиб келиши керак бўлган ҳаво кемаси (AZO-7095 авиарейси) Қарши шаҳрида кузатилаётган қуюқ туман туфайли парвознинг хавфсизлиги инобатга олиниб Самарқанд аэропортига қўндирилди”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Қаршида айни пайтда ҳам худди шундай об-ҳаво кузатилмоқда ҳамда 100 нафар йўловчиси бўлган самолёт Самарқандда бўлиб турибди. Туман тарқалиши, кўриш имконияти яхшиланиши ва об-ҳаво парвозлар хавфсизлигига халал бермайдиган бўлиши билан ҳаво кемаси Қарши шаҳрига етиб келади.
Шунингдек, мазкур самолёт билан Москва шаҳрига жўнаб кетувчилар бу ҳақда огоҳлантирилаётгани таъкидланган. Уларга парвоз вақтини алоқа марказидан ёки онлайн жадвал орқали аниқлаштириш тавсия этилган.