Полад Булбулўғли Тошкентда концерт беради

Озарбайжон халқ артисти бугун Тошкентда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари Ёшлар симфоник оркестри концертининг солисти бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Рамиз Бахтияров. Озарбайжон халқ артисти, Озарбайжоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Полад Булбулўғли Тошкентдаги концерт дастурида иштирок этади.
Булбулўғли бугун, 12 декабрь куни Тошкентда бошланган МДҲ ижодий ва илмий зиёлиларининг XV форуми доирасида бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ёшлар симфоник оркестри концертининг солисти бўлади.
Оркестр 2007 йилда МДҲга аъзо давлатларнинг Гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро жамғармаси (ГҲДЖ) кўмагида ташкил этилган.

“Турли йилларда таниқли дирижёрлар Юрий Симонов, Владимир Спиваков, Василий Валитов оркестрга раҳбарлик қилишди. Бу сафар Ўзбекистон Ёшлар симфоник оркестри ансамбль базасига айланади”, - деди Sputnik мухбирига тадбир ташкилотчилари.

Дирижёрлик шоҳсупасида Россия халқ артисти Сергей Скрипка, озарбайжонлик дирижёр Муртазо Булбулўғли, ўзбекистонлик дирижёр Алибек Кабдураҳмонов ва унинг туркманистонлик ҳамкасби Расул Қличевлар маҳоратини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, МДҲга аъзо давлатлар ижодкор ва илмий зиёлиларининг XV форуми Тошкентда 14 декабрга қадар бўлиб ўтади. Унинг иштирокчилари – Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларнинг таниқли санъаткорлари, спортчилари ва олимлари.
Бу галги форумнинг мавзуси – “Гуманитар ҳамкорлик – ўттиз йиллик тажриба ва ривожланиш истиқболлари”. Тадбир доирасида “Ҳамдўстлик юлдузлари”, “Ҳамдўстлик дебютлари” мукофотлари топширилади.
МДҲ Ижодкор ва илмий зиёлиларининг форумлари 2006 йилдан бошлаб турли мамлакатларда навбатма-навбат ўтказиб келинмоқда. У ҳар йили ўтказиладиган энг йирик гуманитар тадбир.