ТОШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Ангрен нефть базасида авария содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унинг ортидан одамлар сизиб чиқаётган нефтни идишларга қуйиб олаётгани акс этган видеолар пайдо бўлди.
Корхона бошлиғи Д.Азимов бу хабарга муносабат билдирди, деб хабар берди Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 10 декабрь куни тахминан соат 20:10 да Ангрен нефть базаси ҳудудида 5000 м (куб) ҳажмдаги 20-сонли сиғим (резервуар) сифонининг жўмраги ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан музлаб ёрилган.
Оқибатда сиғимда бўлган 11 500 литр Аи-80 бензин ёнилғи маҳсулоти тўкилган. Содир бўлган авария ҳолатини завод ходимлари шу куннинг ўзида соат 20:45 да бартараф этишган. Ҳеч кимга жиддий зарар етмаган.
Ёнилғи маҳсулотлари тўкилиши натижасида соат 14:00 да ёмғир суви чиқадиган лоток ариқлари орқали завод ҳудудидан ташқарига сизиб чиққан.