ТОШКЕНТ, 11 дек — Sputnik. Ўзбекистон 2026 йилга бориб камбағаллик даражасини 2 баробарга қисқартириш мақсадида Хитойнинг илғор тажрибасидан фойдаланади. Бу ҳақда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ва Хитой Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Ху Чунхуа ўртасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
Учрашувда камбағалликни қисқартириш соҳасида ҳамкорлик бўйича кичик қўмита шакллантириш ҳамда унинг биринчи йиғилишини 2023 йил Ўзбекистонда ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Томонлар камбағалликни қисқартириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг тўлиқ институционал асослари юзасидан фикр алмашишди.
Учрашувда қуйидаги масалалар муҳокама этилди:
Ерларини ижарага бериш, урбанизация ва шаҳарларни ривожлантириш;
Янги иш ўринларини яратиш орқали камбағалликни қисқартириш;
Иқтисодий ўсиш драйвери бўлган хусусий тадбиркорлик соҳаси, хусусан, саноат кластерлари, мис саноатини ривожлантириш;
Саноат соҳаларини ривожлантиришда Хитой компаниялари билан “яшил” иқтисодиёт соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш;
Энергия ва сув сарфини камайтиришга қаратилган “яшил” технологияларни жорий этиш.
Маълумот учун, Хитой дунё мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб ўтган йилда мутлақ камбағаллик устидан тўлиқ ғалаба қозонганлиги тўғрисида эълон қилган.
Ҳозирда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги иқтисодий ўсиш, камбағалликни қисқартириш, “яшил” тараққиёт, рақамли иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда Хитойнинг масъул ташкилот ва идоралари билан яқиндан ҳамкорлик олиб бормоқда. Шунингдек, Хитой камбағалликни қисқартириш Халқаро маркази ўртасида 2022–2023-йилларга мўлжалланган камбағалликни қисқартириш ҳамкорлик дастури имзоланган.