ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Озарбайжон пойтахти Бокуда ўтказилаётган “Ўзбек киноси кунлари” давомида ўзбек ва Озарбайжон кино ижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинадиган бир қатор кино лойиҳалар бўйича келишувларга эришилди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги хабар берди.
“Ўзбек киноси кунлари” давомида Озарайжон Давлат фильмофонди ва Ўзбекистон Давлат кинофонди ҳамкорлиги ҳақида хужжатли фильм, “Мулла Насриддин. Оғир кунлардаги ҳамроҳим менинг” деб номланган йирик кино лойиҳанинг тайёргарлик ва кастинг жараёнлари борасида фикр алмашинди.
Фильм режиссёри Вагиф Мустафаев Мулла Насриддин образининг ёшлик даврига истеъдодли ўзбек актёри Алишер Узоқовни, кексалик даврини жаҳон кино юлдузи Такеши Китанони муносиб кўраётганини таъкидлади.
“Ипак йўли дурдонаси “ ХIV Тошкент халқаро кинофестивали кунлари ҳар икки номзод актёрлар билан бу масала бўйича музокаралар бўлиб ўтган ва актёрлар бу таклифни ижобий қабул қилишган.
Шунингдек, озар халқининг миллий қаҳрамони, йирик меценат Гаджи Зейнал Абдин Тагиевнинг Ўзбекистон билан боғлиқ ҳаётий босқичларини акс эттирувчи саккиз қисмли тарихий сериални ишлаб чиқариш жараёнида ўзбек киноижодкорларининг иштироки юзасидан музокаралар бошланди.
Ўзбекистон Республикаси кинематография агентлиги ва “Боку медиа маркази” ўртасида дастлабки келишувларга эришилди.
Гаджи Зейнал Абдин Тагиевнинг ҳаёти ва фаолиятида Ўзбекистон билан боғлик жуда кўп муҳим воқеалар бўлган. Жумладан, унинг ўзбек жадидлари билан яқин алоқалари, Бухоро амирлиги билан дипломатик муносабатлари, Петербургда бунёд этилган ислом масжиди, биринчи хотин-қизлар гимназияси қурилиши ва ҳоказолар.
Айни пайтда “Ҳимоядор” деб номланган мазкур сериалнинг режиссёрлик сценарийси ва тайёргарлик жараёнлари бошланган.Бу жараёнларга ўзбек кино ижодкорларининг ҳам жалб этилиши режалаштирилди.
Суратга олиш ишлари Боку, Санкт Петербург, Бухоро ҳамда Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтади. Бу сериал ўзбек ва Озарбайжон киноижодкорларининг ҳамкорликда яратиладиган биринчи йирик кино лойиҳаси бўлиши кутилмоқда.