ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Янги йил байрамида электр энергиясига бўлган талаб сезиларди даражада пасаяди. Бу ҳақда Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев маълум қилди.
Шерзод Ходжаев байрам куни, хусусан, Янги йилда аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш масаласига ойдинлик киритди.
Унинг сўзларига кўра, янги йил байрамида электр энергиясига бўлган талаб пасаяди. Чунки бу вақт таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини вақтинча тўхтатади.
“Бу орқали мавжуд электр энергиясининг асосий қисми аҳолига ва айрим ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилади. Ўйлайманки, янги йил байрамида электр бўйича муаммолар юзага келмайди”, дейди Шерзод Ходжаев.
Қайд этилишича, агар жойларда авариявий ҳолатлар юзага келадиган бўлса, туну кун ишлайдиган ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган ва ҳар қандай локал муаммолар тезкорлик билан бартараф этилади.
Маълумот учун, 2017-2021 йиллар давомида узунлиги 40 700 км бўлган электр узатиш тармоқлари ва 12 900 та трансформатор пунктлари янгиланди. Бунинг натижасида республика бўйича 7,3 мингдан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги 4,2 миллиондан ортиқ аҳоли хонадонларининг электр энергияси таъминоти яхшиланди.