ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2022 йил 9 декабрь ҳолатига 36 миллиондан ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қўмитанинг дастлабки маълумотларига кўра, аҳолининг 18,1 млн нафарини эркаклар, 17,9 млн нафарини аёллар ташкил этади.
ФҲДЁ органларида 2022 йилнинг ноябрь ойида республика бўйича 83 197 та тирик туғилиш ҳолатлари қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 5 377 тага ошган.
"Ҳозирда Ўзбекистон аҳоли сони бўйича мамлакатлар ўртасида 41 ўринни банд қилиб турибди", - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон аҳоли 2021 йилнинг 7 сентябрь куни 35 миллион нафардан ошганди. Аҳолининг яна бир миллионга кўпайишига 1 йил-у 3 ой ва 2 кун етарли бўлди.