ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ҳайъати раиси Михаил Мясникович Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) ягона илмий-инновацион маконини шакллантиришни таклиф қилди. Бундай таклифни у Бишкек инвестиция саммити доирасида ўтказилаётган илмий анжуманда билдирди, дея хабар бермоқда Sputnik Қирғизистон.
Мясниковнинг сўзларига кўра, асосли илмий ёндашувлар ва самарали илмий ишланмалар ЕОИИнинг техник қайта қуролланиши ва инновацион ривожланишининг асосий бир қисми бўлиши зарур. Бу кучли ташқи босимни инобатга олган ҳолда ғоят долзарб, чунки иттифоқнинг икки аъзоси – Россия ва Беларусь – Ғарб санкциялари остида.
“Бу вазиятда мустақил ва барқарор ривожланиш – мамлакатларимиз иқтисодий фаровонлигининг гарови. Ўйлаб қўйган ишларни амалга ошириш учун илмий соҳани тартибга солиш ёндашувларни қайта кўриб чиқиш лозим”, - деди ЕИК ҳайъати раиси ва ЕОИИнинг ягона илмий-инновацион маконини шакллантиришни таклиф қилди.
Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган эди. Иттифоқ 2014 йилда Россия, Беларусь ва Қозоғистон ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Бу иттифоққа 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон аъзо бўлган, Молдова ва Куба кузатувчи мақомига эга.
ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдан иборат.