Бокуда Ўзбекистон киноси кунлари бўлиб ўтмоқда - фото

Ўзбекистон киноси кунларида гуруҳ киноижодкорлар жумладан, Лола Элтоева, Элдор Мамедов, Дилмурод Масаидов, Феруза Нодирова, Шоира Рауфбоева ва бошқалар иштирок этишмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Ўзбекистон киноси кунлари бўлиб ўтмоқда. Кино кунлари доирасида озарбайжонлик кино мухлисларига бир қатор бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиш этилади, дея хабар берди Кинематография агентлиги.
Тадбир Кинематография агентлиги ва Озарбайжон Маданият вазирлиги ташаббуси билaн бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистондан гуруҳ киноижодкорлар жумладан, Лола Элтоева, Элдор Мамедов, Дилмурод Масаидов, Феруза Нодирова, Шоира Рауфбоева ва бошқалар иштирок этишмоқда.
Киноижодкорлар Озарбайжон миллий кино фондига ташриф буюришди.
Ўзбекистон киноси кунлари
Кино фонди раҳбари Жамил Гулиев ўз сўзида икки мамлакат кино усталари ҳамкорлиги узоқ тарихга эга эканлиги, сўнги йилларда бу ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётганини эътироф этди.
Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамкорлик учун барча имкониятлар сафарбарлик қилинишини маълум қилди.
Ўзбекистон киноси кунлари
Кино кунлари доирасида “Азалий дўстлик ва қардошлик”, “Аёл қисмати”, “Фариданинг 2000 қўшиғи”, “Барон 2: Соғинч”, “Мақсуд Шайхзода” сингари бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиш этилади.
Ўзбекистон киноси кунлари
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг йирик киностудиялари раҳбарларининг ишчи учрашувида МДҲ фильмларини дубляж қилишда ягона марказлаштирилган жамғарма ташкил этилиши маълум қилинганди.
Жамғарма халқаро фестиваллар ва кино кунларида иштирок этаётган фильмларни таржима қилиш ва дубляж ишлари билан шуғулланиши кутилмоқда.