ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Москвада кекса аёлни ёнғиндан қутқариб қолган ўзбекистонлик Жамшид Аслонов тақдирланди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Россия пойтахтида “СтоЛИЧНИЕ истории” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Эзгу ишларга қўл урган, қаҳрамонлик кўрсатган бир қатор чет эл фуқаролари муносиб тақдирланишди.
Тақдирланганлар орасида ўзбекистонлик Жамшид Аслонов ҳам бор. У москвалик Антон Иванов билан ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ёнғиндан кекса аёлни қутқариб қолган.
Шунингдек, танловда Тожикистон, Қирғизистон, Молдова ва Беларусь фуқаролари турли номинацияларда ғолиб бўлишган.
Уларнинг ҳар бири эсдалик диплом ва танловнинг махсус совғаси ҳамда ғолиблар билан интервью киритилган "СтоЛИЧНИЕ истории" тўпламини олишган.
“Танлов биринчи марта ўтказилмоқда, унинг муқобили йўқ. Биз Россия иккинчи Ватанига айланган чет эл фуқароларининг қаҳрамонлик ишлари ҳақида турли хил ҳикояларни олдик. Улардан бири муаммога дуч келган одамни қутқариш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйган, кимдир Улуғ Ватан уруши ва афғон урушлари қаҳрамонларининг тарихий хотирасини сақлаб қолиш билан шуғулланган, кимдир волонтёрлик фаолияти билан шуғулланади. Бироқ иштирокчиларнинг ҳар бири ўз меҳнати билан халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш, пойтахтда миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда”, – дея изоҳ берди танлов натижаларига ташкилий қўмита раҳбари Эмма Рождественская.
“СтоЛИЧНИЕ истории” танлови Москва шаҳрининг миллий сиёсат ва минтақалараро алоқалар департаменти кўмагига ўтказилмоқда. 300 нафардан зиёд киши унда қатнашган.
Миграция сиёсати, хорижликларнинг ижтимоий ва маданий мослашиши ва интеграцияси соҳасидаги танловнинг асосий мақсади пойтахт аҳолисига хорижлик фуқароларнинг москваликлар ва умуман жамият учун қилган қаҳрамона, эзгу ва фидокорона ишлари ҳақида сўзлаб беришдан иборат.