Шавкат Мирзиёев ҳафта охирида Қирғизистонга боради

Ўзбекистон президенти Қирғизистонга давлат ташрифини амалга оширади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. 10 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти администрацияси ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев маълум қилди, деб ёзмоқда Sputnik Қирғизистон.
Унга кўра, 9 декабрь куни Бишкекда президент Садир Жапаров раислигида ЕОИИ саммити бўлиб ўтади (Ўзбекистон кузатувчи давлат ҳисобланади).
Шунингдек, 9 декабрь куни икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтади.
“Давлат ташрифи доирасида президент Садир Жапаров билан икки томонлама музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Икки давлат раҳбарлари тор ва кенгайтирилган таркибда Ўзбекистон-Қирғизистон стратегик шериклигининг кенг кўламли масалаларини, шунингдек, дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик руҳидаги муносабатларни янада ривожлантириш режаларини муҳокама қиладилар”, - дейди Азимбакиев.
Бундан ташқари, қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Муса Жаманбаевни қабул қилганди. Қабул давомида декабрь ойида Ўзбекистон раҳбари расмий ташриф билан Қирғизистонга бориши маълум бўлганди. Бироқ аниқ сана айтилмаган эди.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи охирида Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари чегара ва Андижон (Кампиробод) сув омборини биргаликда бошқариш бўйича келишувларни ратификация қилган эди. Эндиликда томонлар ратификация ёрлиқларини алмашишлари керак.