ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг буйруғи билан Ўзбекистон резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда “Норма” хабар берди.
Ҳужжатга мувофиқ, эмитент крипто-активларни, жисмоний шахслар эса фақат ўзаро ўзгармас токенларни крипто-депозитарий ёки бошқа электрон платформалар орқали чиқаришлари мумкин.
Маълумот учун, ўзаро ўзгармас токен — моддий ва (ёки) бошқа мулк билан таъминланмаган, мулкдорнинг рақамли шаклдаги ноёб контентга (матн, аудиовизуал, мусиқий, фотографик асарлар, шунингдек тасвирий санъат асарлари ва бошқалар) бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи крипто-активнинг алоҳида тури.
Республика ҳудудида қуйидаги крипто-активларни резидентлар томонидан чиқариш ва крипто-депозитарий томонидан чиқаришни рўйхатдан ўтказиш тақиқланади:
бирор-бир моддий ва (ёки) бошқа мулк билан таъминланмаган токенлар (утилитар токенлардан ташқари);
барқарор токенлар.
Маълумот учун, утилитар токен — эмитентнинг экотизимида смарт-контракт билан белгиланган ҳаракатларни амалга ошириш учун мўлжалланган, шу жумладан қийматига эга ўлчов бирлиги сифатида ифодаланган таъминланмаган токеннинг тури. Барқарор токен — қиймати миллий ёки хорижий валютанинг номинал қийматига тенг бўлган таъминланган токеннинг тури.
Крипто-активларни чиқариш тўғрисидаги қарор унинг дастлабки жойлаштирилишидан бир ой олдин эмитентнинг расмий веб-сайтида ёки бошқа ахборот ресурсида эълон қилиниши лозим.
Крипто-активлар чиқаришни рўйхатдан ўтказиш фақат крипто-депозитарий томонидан амалга оширилади.
Крипто-активлар эгаси эмитент томонидан чиқарилган жами крипто-активларнинг 35 фоиз ва ундан ортиғини сотиб олгани тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиши лозим.
Шунингдек низом билан крипто-активларни муомалага киритиш,турли хил токенларни чиқариш ва рўйхатдан ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари ва электрон реестрни юритиш тартиби белгиланмоқда.