Йил охиригача яна қанча талаба турар жой билан таъминланади

Жорий йил охиригача 13 024 ўринга мўлжалланган 26 та ётоқхона фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Йил охирига қадар республика бўйича 20 990 ўрин яратилиб, талабалар турар-жойларининг умумий сиғими 112 441 ўринга етказилади. Бу ҳақда AОКАда бўлиб ўтган брифингда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Фаррух Файзиев маълум қилди.
Таъкидланишича, ҳукумат олдида давлат-хусусий шериклик асосида 18 800 ўринли 47 та талабалар турар-жойини қуриш вазифаси турибди. Жорий йил охиригача 13 024 ўринга мўлжалланган 26 та ётоқхона фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан “Tashkent Index” мажмуасида 3 000 ўринли ётоқхоналар фаолият кўрсатмоқда. Яна 4 966 та турар-жой университетларнинг ўзлари томонидан ташкил этилган. Шутарзда, йил охиригача талабалар учун 20 990 та янги ўринлар яратилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, уй-жойга муҳтож талабаларнинг 47 фоизи ётоқхонадан жой билан таъминланган.
Ҳозирда бир талаба учун бир жойнинг нархи 40-50 миллион сўмни ташкил этади, яъни 400 ўринли битта талабалар турар-жойини қуриш учун 20 миллиард сўмга яқин маблағ керак бўлади.
Аввалроқ, ижарада турадиган 1-курс талабаларига 2 ойлик ижара компенсацияси ҳеч қандай шартномасиз тўлаб берилиши ҳақида хабар қилинганди.