Коронавируснинг янги варианти болалар ва ҳомиладорларда қандай кечмоқда

Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари янги мутация болалар ва ҳомиладор аёлларда қандай белгилар билан намоён бўлаётгани ҳақида маълумот берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Ўзбекистон ҳудудида ёз ойларида омикрон штаммининг VА.2 версияси авж олганди. Ҳозир эса беморларнинг қарийб барчасида VА.5 субварианти аниқланмоқда. Ушбу янги мутация болалар ва ҳомиладор аёлларда қандай клиник белгилар билан намоён бўлмоқда?
Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимованинг сўзларига кўра, 18 ёшгача бўлган аҳоли қатлами ҳамда ҳомиладор аёлларнинг иммун тизими нисбатан суст бўлади. Шу боис уларнинг юқумли касалликлар, жумладан, коронавирусга чалиниш эҳтимоли юқори,
Мутахассис ВА.5 субварианти аломатлари аввалги ВА.2 версияси симптомлари билан деярли бир хил кечаётганини маълум қилди.
Жумладан, болалар ва ҳомиладор аёлларда тумов, томоқда оғриқ ва қизариш, ЎРВИ, қолаверса, 3-5 фоиз ҳолатларда аллергияга мойиллиги бор беморларда диарея ҳамда обструкция (бўғилиш хуружи) белгилари кузатиляпти.
Шунингдек, муддатига етган, учинчи 3 ойликдан юқори муддатдаги ҳомиладорларда (30 ҳафтадан юқори муддат) хасталик чоғида ҳомила сувининг сезиларли миқдорда камайиши ва лойқаланиши юзага келади. Бу эса ҳомиланинг димиқишига олиб келмоқда.
Бундай аёлларда коронавирус юқори ҳарорат, бош ва мушакларда оғриқ, ҳолсизлик, уйқучанлик, ринит ва тонзиллит белгилари билан намоён бўлмоқда. Қолаверса, баъзи беморларни кучли йўтал, кўкрак қафасида оғриқ безовта қиляпти.
Таъкидланишича, касалликлари бор беморлар, масалан, тутқаноқ хасталиги мавжуд болалар, кардиологик муаммолардан азият чекаётган аёллар ва ўғил-қизларда коронавирус нисбатан оғирроқ кечмоқда.
“Қувонарли жиҳати, ушбу муддатдаги ҳомиладорларда касаллик енгил кечиб, ўпка тўқимасининг зарарланиши деярли кузатилаётгани йўқ. Шунга қарамай, ҳомиласи 30 ҳафталикдан ошган опа-сингилларимизга стационар шароитда даволанишни тавсия этамиз”, - дейди Алимова.
Шифокор Ҳҳомиладорликнинг биринчи ва иккинчи 3 ойлигидаги беморлар эса қатъий равишда ҳудудий оилавий поликлиникалар назоратида бўлиб, тегишли муолажаларни олишлари шартлигини эслатиб ўтди.
Турли хавфли вируслар билан касалланиш авж олаётганда нималарга эътибор қаратиш керак