ССВ Ўзбекистонда омикроннинг қайси шакли энг кенг тарқалганини айтди

Ўзбекистонда “омикрон” штаммининг қайси тури кенг тарқалаётганини аниқлаш учун ўрганиш ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг “омикрон” штаммининг ВА.5 субварианти доминант версияга айланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда ҳозирги кунда “омикрон”нинг қайси субварианти доминант версияга айланганини аниқлаш мақсадида жорий йил 10-12 ноябрь кунлари Республика махсус 1-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига госпитализация қилинган 27 нафар бемордан тиббий намуналар олинган.
Шундан сўнг ушбу таҳлиллар Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида секвенлаш жараёнидан ўтказилган. Натижада 27 нафар бемор “омикрон” штаммининг BA.5 субварианти билан зарарлангани аниқланган.
Вазирлик ноябрь ойида мамлакатда коронавирусга чалиниш ортаётганига тўхталиб, ўсиш динамикаси, аввало, кунлар совиб, одамлар асосий вақтини ёпиқ бино ва иншоотларда ўтказаётгани билан боғлиқ эканини таъкидлаган. Қолаверса, COVID-19 нинг юқумлилик даражаси юқори бўлган янги мутациялари беморлар сони кўпайишига сабаб бўляпти.
Маълумот учун, BA.5 субвариантининг яширин даври бошқа штаммлар сингари 5-6 кун эмас, 2-3 кунни ташкил этяпти.
Унинг асосий белгилари:
томоқ оғриғи;
тана ҳароратининг гектик (41 даражагача) кўтарилиши;
бош ва мушакларда кучли оғриқ;
ҳолсизлик;
уйқучанлик;
конъюктивит (10 фоиз ҳолатда);
ринт ва тонзилит (40 фоиз ҳолатда);
отит (10 фоиз ҳолатда);
диарея (10 фоиз ҳолатда) юзага келиши кузатилмоқда.
Шунингдек, баъзи ҳолларда кучли ва хуружли йўтал, кўкрак қафасида оғриқ, нафас қисиши ва ҳаво етишмаслик белгилари юзага келмоқда.
Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусановнинг сўзларига кўра, бу вирус билан касалланган беморларда ўпка тўқимасининг зарарланиши 30-40 фоиз ҳолатларда кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар асосан уй шароитида ёки баъзи хусусий клиникаларда антибиотик, гормон препаратлари ҳамда томчи дориларни томир ичига мақсадсиз ва палапартиш қабул қилган беморларда учраяпти.
Эслатиб ўтамиз, 1 декабрь куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жами 159 кишида коронавирус аниқланди.