ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Ўзбекистон номоддий маданий меросининг яна иккита элементи ЮНЕСКО рўйхатига киритилди. Бу ҳақида Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Марокаш давлатининг Работ шаҳрида бўлиб ўтаётган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитанинг 17-сессияси Ўзбекистон учун муҳим маданий воқеа бўлди.
Ўзбекистон томони иштирокида иккита кўпмиллатли элемент Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди.
Ўзбекистон томонидан Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан биргаликда “Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш” номли биринчи файл тақдим этилди.
Иккинчи номинация “Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари” деб номланган бўлиб, Ўзбекистон томони Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан ҳамкорликда тайёрлаган.
“Қўмитанинг баҳолаш комиссияси номзодлик ҳужжатларини тайёрлашда иштирок этаётган давлатларнинг биргаликдаги фаолиятини юқори баҳолади ва уларнинг Вакиллик рўйхатига киритиш учун барча мезонларга мувофиқлигини қайд этди”, дейилади хабарда.
Тадбир давомида номинациялар тақдимотида маданиятларни бойитиш, маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳурмат ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги унсурларнинг тарихий ўрни ва аҳамиятини атрофлича очиб берувчи видеофильмлар намойиш этилди.
Тадбир иштирокчилари ипак етиштиришнинг анъанавий технологиялари, кейинги йилларда Ўзбекистонда ипакчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган салмоқли ишларга алоҳида эътибор қаратишди.
Шунингдек, уларда Хўжа Насриддиннинг Бухоро шаҳрида қад ростлаган ноёб ҳайкали катта қизиқиш уйғотди.
Маълумот учун, Репрезентатив рўйхатга киритилган Ўзбекистон элементларининг умумий сони 11 тага етди. Илгари бу рўйхатга “Бахши”, “Лазги”, “Палов”, “Аския”, “Миниатюра”, “Наврўз”, “Шошмақом” ва бошқалар киритилган эди.
Атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш бўйича Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази Номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича етакчилар реестридан жой олган.