Испания Тошкентда элчихона очишни режалаштирмоқда

Испания Ўзбекистон билан иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Тошкентда элчихона очишни режалаштирмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Испания Ўзбекистонда ўз элчихонасини очишни режалаштиряпти. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов 1 декабрь куни Польшанинг Лодз шаҳрида Испания Қироллиги Ташқи ишлар, Европа Иттифоқи ва ҳамкорлик вазири Хосе Мануел Албарес Буено билан музокара ўтказган.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Испания ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Ўзбекистон-Испания кўп қиррали ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган. Норов Испаниянинг Тошкентда элчихона очиш режаларини қўллаб-қувватлаган.
Ташқи иқтисодий алоқалар кўрсаткичларини ошириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш, қўшма истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистон бозори имкониятларини ўрганиш мақсадида Испаниянинг етакчи компанияларининг мамлакатга ташрифини ташкил этиш юзасидан аниқ таклифлар кўриб чиқилган.
Вазирлар туризм, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам фикр алмашган.