ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Газ қуйиш шохобчалари фаолиятига киритилган чекловлар метан газ нархларининг ошишига сабаб бўла олмайди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси шундай огоҳлантириш билан чиқди.
Қўмита матбуот хизмати хабарига кўра, куз-қиш мавсумида об-ҳавонинг совиши сабабли айрим ҳудудларда метан газ қуйиш шохобчаларида чекловлар киритиш тўғрисида мутасадди идоралар томонидан ахборот берилган. Аммо бу ҳолат автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан метан гази нархларининг ошишига сабаб бўла олмайди.
“Ўз навбатида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан метан газ нархлари доимий мониторинг қилиб борилаётгани ва тадбиркорлар томонидан автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида метан гази нархларини сунъий равишда ошириш ҳолати аниқланган тақдирда мансабдор шахсларга белгиланган тартибда тегишли чора кўрилиши маълум қилинади”, дейилади қўмита хабарида.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси бу борада барча ҳудудий бошқармаларига аниқ топшириқлар бергани ва улар томонидан назорат ишлари олиб борилаётгани ҳақида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзтрансгаз 9 ноябрдан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари фаолияти вақтинчалик чеклов киритилишини эълон қилганди.