ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Ўзбек селекционер олимлари рокамболнинг (саримсоқпиёз) Ўзбекистонга мослаштирилган навини яратишди. Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда илк бор ноаъанавий сабзавот экини рокамболнинг янги “Барака” навини ихтиро қилишга эришилди.
“Ушбу сабзавот тури юртимизда ҳали кенг тарқалмаган бўлса-да, яқин келажакда уни ҳар қандай томорқада учратиш мумкин бўлади”, дейилади хабарда.
Рокамболнинг янги “Барака” нави
© Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Маълумот учун, рокамбол бир вақтнинг ўзида ҳам пиёз, ҳам саримсоқнинг таъмини беради. Кўпгина овқатларда пиёз ва саримсоқ ўрнида ишлатилади. Рокамбол пиёз ва саримсоқ белгиларини ўзида мужассамлаштирган ўтсимон ўсимлик.
Унинг таркибида магний, рух, темир ва марганес элементлари мавжуд. Организмдаги қон томирларни самарали тозалашга ёрдам беради ва юрак касаллиги ҳавфини камайтиради. Кўк массаси баргида кўплаб А, C, Е витаминлари ҳамда каротин ва темир моддалари мавжуд.
Ушбу сабзавот жуда кўп фойдали хусусиятларга эга ва деярли бутун танага ижобий таъсир кўрсатади. Аммо уни истеъмол қилишга доир қарши кўрсатмалар ҳам бор. Ошқозон, ўт пуфаги ёки буйрак касалликлари борлар уни кўп миқдорда истеъмол қилмаганлари маъқул.
Рокамбол баъзи мамлакатларда миср пиёзи, испан саримсоғи, пиёз-саримсоқ деб ҳам аталади. Табиий шароитда Испания ва Мисрда ўсиши аниқланган. Ҳозир у Европада, Шимолий Кавказ, Хитой, Корея, Япония, ва қисман Россияда етиштирилади.