НАТОнинг Хитой яқинида ўт билан ўйнаши Россия учун ҳам хатарли – Лавров

НАТО учун Жанубий Хитой денгизи, бир пайтлар Украинада бўлгани каби, кескинликни кучайтиришга қарши бўлмаган минтақалардан бирига айланмоқда - Лавров.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. НАТО Жанубий Хитой денгизи минтақасида кескинликни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда ва бу Россия хавфсизлиги учун хатар туғдирмоқда, шунинг учун Москва Пекин билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шундай фикр билдирди, деб хабар берди РИА Новости.
“Мудофаа чизиғи – кимдан экани номаълум – НАТО янада шарққа қараб ҳаракат сурмоқда ва, эҳтимол, у Жанубий Хитой денгизидан ўтади.
Вашингтон, Брюссель, Австралия, Канада, Лондондан янграётган риторикани инобатга олсак, НАТО учун Жанубий Хитой денгизи энди бир пайтлар Украинада бўлгани каби кескинликни кучайтиришга қарши бўлмаган минтақалардан бирига айланмоқда”, - дейди Лавров матбуот анжуманида.
У Хитойнинг бу тур провокацияларга қандай муносабатда экани ҳаммага маълумлигини қайд этаркан шундай деди:

“Хитой бундай провокацияларга қанчалик жиддий муносабатда бўлишини биламиз, Тайвань ва Тайвань бўғози ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Биз тушунамизки, НАТОнинг ўша ҳудудларда ўт билан ўйнаши Россия Федерацияси учун ҳам хавф-хатар туғдиради – у Хитой ҳудудига бўлгани каби бизнинг қирғоқларимиз ва денгизларимизга ҳам яқин. Шу боис Хитой билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантирмоқдамиз”, дейди вазир.

Тайвань атрофидаги вазият AҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг август ойи бошида оролга ташрифидан кейин кескинлашди. Оролни ўз провинцияларидан бири деб билган Хитой бу сафарни AҚШнинг Тайвань сепаратизмини қўллаб-қувватлаши деб билган ҳолда қоралади ва кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди.