Ўзбек тили ва адабиёти университетида хорижликлар учун “Ўзбек мактаби” очилди

“Uzbek school” - хорижликларга ўзбек тилини энг замонавий услуб ва воситалар ёрдамида ўргатиш билан шуғулланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Кеча, 28 ноябрь куни Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Uzbek school” — хорижликлар учун ўзбек тили тайёрлов курслари мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, бу курсларда ўзбек тили энг замонавий усул ва воситалар ёрдамида, тил ўрганувчилар хоҳишига кўра кичик, ўрта гуруҳларда ёки индивидуал ўргатилади.
Шунингдек, тадбир доирасида университет ўқитувчилари томонидан яратилган “Хорижликлар учун ўзбек тили”дарслигининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
"А1 даража учун мўлжалланган ушбу дарслик оддийдан мураккабга томон мантиқан узвийликда тузилган 12 мавзудан иборат бўлиб, тингловчи ҳарфлардан жумла тузишгача бўлган ёзиш (writing), гапириш (speaking), ўқиш (reading), тинглаш (listening) кўникмаларни эгаллашига имкон яратади. Ҳар бир мавзу охирида тингловчи ўз билимларини текшириши ва мустаҳкамлаши учун махсус тест топшириқлари берилади", дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, ушбу дарслик шу йўналишда яратилган мавжуд ўзбек тили қўлланмаларидан инглизча кўрсатма ва изоҳларнинг берилиши, ҳар бир дарсда ишлатилган сўзларнинг инглиз тилидаги таржимаси кўрсатилгани билан ажралиб туради.
Китобга илова этилган аудио-визуал материаллар ўзбек тили фонетикасининг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, матнларда акс этган диалоглар орқали турли ситуатив ҳолатларда ишлатиладиган лексик қатлам билан танишади.
Китоб нафақат ўзбек тилини, балки ўзбек маданиятини ҳам ўрганишга ёрдам беради.
Аввалроқ Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўзбек тилини ўргатиш бўйича "Якшанба мактаби" ташкил этилганди. Мактаб Урал федерал округида истиқомат қилаётган ўзбекистонлик болаларни Ўзбекистонга, ўзбек тили ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда миллий тарих ва маданиятни кенг тарғиб этиш мақсадида очилди.