Буюк Британия Оксфорд академияси олимларининг аниқлашича, уйқусизликка В12 витамини даво бўлади. Чунки ушбу витамин организмдаги метаболизм жараёнини мустаҳкамлаб уйқу учун замин яратади. Қолаверса, тўйиб ухлаш учун ичаклар фаолияти нормал бўлиши зарур.
Маълумотларга кўра, дунёда ҳар уч кишидан бири вақти-вақти билан уйқусизликдан азият чекади. Бундан кўпроқ кексалар қийналиши маълум. Бироқ стресс, турли сурункали хасталиклар, носоғлом турмуш тарзи ва тиғиз иш режими туфайли бу ҳолат ўрта ёшли эркак ва аёллар, ҳатто болаларда ҳам кузатилмоқда.
Шифокорлар уйқусизликнинг давоси мелатонин моддаси эканлигини яхши билади. Чунки у халқона тилда “уйқу гормони” ҳам деб аталади. Мазкур модда инсон танасида ярим тундан эрталабки соат 5:00 гача максимал даражада ишлаб чиқарилади. Мазкур жараённинг чўққиси тунги соат 02:00 атрофи ҳисобланади. Болалар қонида ушбу гормон миқдори юқори бўлиши туфайли чақалоқлар жуда кўп ухлайди.