ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Американинг “Fox News” телеканали бошловчиси Такер Карлсон Украина президенти Владимир Зеленскийни АҚШдан доимо пул тилаб олаётгани учун танқид қилди.
Киевга кўрсатилаётган ёрдам сабаб АҚШ иқтисодиёти жарликка қулаётгани Карлсоннинг жаҳлини чиқарган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Украинага аллақачон 90 миллиард доллардан зиёд ажратган.
Карлсон бу сумма АҚШ Афғонистонда ҳар йили сарфлаган миқдордан икки бараварга кўп эканини эслатган.
“Бироқ Зеленскийга бу ҳам кам. У Америка конгрессидан пул сўраб илтимос қилмайди. У пулларни талаб қилади”, - дейди журналист.
Мисол тариқада кўрсатувда Зеленскийнинг бир нечта видео мурожаати парчалари кўрсатилган.
“Ким ўзи бу йигит? Балки, ҳақиқатда у биздан доимо пул талаб қилаётган порахўр украин диктатори?”, - дея риторик савол билан юзланган Карлсон.
Аввалроқ АҚШ Украинага ёрдам сифатида яна 4,5 миллиард доллар ажратгани маълум бўлган эди.
Россия 24 февралдан буён Украинада махсус ҳарбий операция олиб бормоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг асосий вазифасини “Киев режими томонидан саккиз йил давомида таҳқирлаш, геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Мамлакат Қуролли кучлари олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш турибди.
Махсус операция ортидан АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқчилари миллиардларча доллар сарфлаб, Киев режимини қурол-яроғ билан таъминлаб келмоқда. Москва Ғарб қурол-яроғларининг етказиб берилиши можарони чўзиши, қурол ортилган транспорт эса Россия армиясининг қонуний нишонига айланишини бир неча марта такрорлаган.