Оролбўйи минтақасидаги болалар учун янги турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади

Қорақалпоғистонда болалар учун янги турдаги сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. Қорақалпоғистонда болалар учун мутлақо янги турдаги сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақида Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар берди.
Нукус шаҳрида жойлашган "Panaev Farms" фермер хўжалиги томонидан янги турдаги сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Мазкур ишлар "Оролбўйи минтақасида яшовчи болалар учун сут кислотали бактерияларнинг маҳаллий штаммлари асосида сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш" лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

“Ушбу лойиҳа ўтган йили Инновацион ривожланиш вазирлиги маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Туркия давлатидан жами 90 минг доллар қийматидаги замонавий ускуналар олиб келинди ва йилига 60 тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга”, дейилади хабарда.

Лойиҳанинг тўлиқ қувватда ишга туширилиши натижасида 8та янги иш ўринлари яратилди. Келгусида мавжуд талаблардан келиб чиқиб, олиб келинган ускуналарда яна 50 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд.