ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Ангела Меркель “Spiegel” нашрига берган интервьюсида Германия канцлери сифатидаги муддати якуни арафасида Украинадаги вазият ривожига таъсир ўтказа олмаганини ва Россия билан Европа Иттифоқи даражасидаги музокараларнинг янги форматига эриша олмаганини тан олди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Унинг қайд этишича, Киев Минск келишувларига риоя қилмагани учун махсус операция бошланиши у учун кутилмаган ҳол бўлмаган.
“2021 йил ёзида, президентлар Байден ва Путин ўртасидаги учрашувдан сўнг, мен ва Эммануэль Макрон яна бир бор Путин билан Европа Иттифоқи кенгашида муҳокама қилиш учун мустақил Европа форматини йўлга қўйишни хоҳладик. Баъзилар эътироз билдиришди, менда эса уни илгари суришга кучим йўқ эди. Ахир, ҳамма биларди: “у кузда кетади”, - дейди собиқ канцлер.
Унинг сўзларига кўра, агар у яна ўз номзодини илгари сурганида, Россия президенти билан учрашувга эришишда давом этарди. Бироқ, Москвага хайрлашув сафари чоғида у ҳокимият сиёсати контекстида унинг даври ўтганини ҳис қилган.
Меркел бу масалалар нафақат Украинадаги вазият, балки Приднестровье ва Молдова, Грузия ва Абхазия ўртасидаги таранглик, Сурия ва Ливиядаги можароларга ҳам тегишли эканини урғулади. Унинг таъкидлашича, “янги ёндашув вақти келди”.
Аввалроқ Россиянинг собиқ бош вазири Сергей Степашин Ангела Меркель Владимир Путинни Минск келишувларини имзолашга кўндирган асосий сиёсатчи эканини айтган эди.