Беш ёшгача бўлган болалар ўлими икки баравар камайди

Ўзбекистонда ёш болалар орасида ўлим кўрсатгичлари камаймоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда сўнгги 15 йил ичида болаларнинг 5 ёшга тўлмасдан вафот этиш ҳолатлари икки баравар камайди. Бу ҳақида Статистика қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирда 5 ёшга тўлмасдан вафот этиш кўрсаткичи ҳар 1000 нафар янги туғилган чақалоққа нисбатан 25 тани ташкил этмоқда, шундан 17 нафари туғилгандан сўнг дастлабки 4 ҳафта ичида вафот этади. Бу кўрсаткич 2006 йилда ўтказилган МИКС натижаларида 57 нафарни ташкил этган.
Ўтказилган тадқиқот натижасида қуйидагилар ҳам аниқланди:
40 фоиз аёллар туғруқдан сўнг бир соат ичида фарзандини кўкрак сути билан озиқлантирган;
ҳар 4 чақалоқдан фақат биттаси 6 ойгача фақат она сути билан озиқланган;
21 фоиз туғруқлар "кесарча кесиш" жарроҳлик амалиёти ёрдамида амалга оширилган;
7 фоиз болаларнинг 5 ёшига қадар бўйи ўсишдан ортда қолган. Бу кўрсаткич 2006 йилги кузатув натижаларига (14,6 фоизи) нисбатан 2 баробарга пасайган.
Маълумот учун, тадқиқот 2021-2022 йил давомида шаҳар ва қишлоқларда ўтказилган ва 15 059 та хонадон қамраб олинган. Унда жами 17 610 нафар респондент иштирок этган.